1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қариндошлик ришталари узилмасин!

بسم الله الرحمن الرحيم


Маълумки, ҳеч бир инсон кишилар жамиятидан айрилиб, ўзи якка яшай олмайди.  Инсон зоти борки, бошқа одамлар билан ўзаро муносабат ўрнатишга, бошқалар билан аҳил, тотув яшашига тўғри келади. Бу эса, кишилик жамиятининг ажралмас қонунидир. Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир. Буларнинг ичида энг муҳими, энг кучлиси қон ва насаб қариндошлигидир. Яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги алоқа ҳам мана шу ришталардан ҳисобланади. Инсон бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда унга таянади ва шу нарса орқали инсон ҳаёти тинч ва осойишта кечади. Аллоҳ таоло бу борада бундай марҳамат этади:


يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبًا *
(سورة النّساء/1)


яъни: “Эй одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” .

Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади:


إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُون *َ (سورة النحل/ 90).

яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”.
Аллоҳ таборака ва таоло қариндошчилик ришталарини маҳкам боғлашга чақирар экан, бунда қариндошларга ва қариндош қўшниларга алоҳида эътибор қаратишга буюради, ҳатто буни ибодат даражасига кўтаради ва ота-онага яхшилик қилиш билан тенглайди:


وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالجَنبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ مَن كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً * (سورة النساء / 36).


яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”).

Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш Исломда “силаи раҳм” дейилади ва динимиз мусулмонларни доимий равишда силаи раҳмга буюрган. Аллоҳ таоло қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолайди:


الَّذِينَ يُوفُونَ بِعَهْدِ اللّهِ وَلاَ يِنقُضُونَ الْمِيثَاقَ * وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الحِسَابِ * (سورة الرعد /20-21).


яъни: “Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва “ал-Мийсоқ”ни (ваъдани) бузмайдиганлардир. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар”.

Силаи раҳм (қариндошлар билан алоқа қилиш) хусусида вооид бўлган ҳадиси шарифлар

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللَّهَ خَلَقَ الْخَلْقَ حَتَّى إِذَا فَرَغَ مِنْهُمْ قَامَتِ الرَّحِمُ فَقَالَتْ هَذَا مَقَامُ الْعَائِذِ مِنْ الْقَطِيعَةِ قَالَ نَعَمْ أَمَا تَرْضَيْنَ أَنْ أَصِلَ مَنْ وَصَلَكِ وَأَقْطَعَ مَنْ قَطَعَكِ قَالَتْ بَلَى قَالَ فَذَاكِ لَكِ» ثُمَّ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اقْرَءُوا إِنْ شِئْتُمْ { فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمْ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ أَفَلا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ أَمْ عَلَى قُلُوبٍ أَقْفَالُهَا}» (متفق عليه).


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло бутун мавжудотни яратиб, фориғ бўлгач, қариндошлик алоқаси ўрнидан туриб:  «Мен алоқани узишдан Сендан паноҳ тиловчи мақомида турдим», деди. «Жуда яхши, сени боғлаган одамни (Ўзимга) боғлашимга ва сени узган одамни (Ўзимдан) узишимга рози бўласанми?!», деди. «Ҳа, эй Роббим!», деди. «Унда шу нарсани сенга ато этдим», деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Истасангиз ушбу оятни ўқинглар: «Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқин-ки, сизлар Ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (Тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир. Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларида қулфлари бордир, (шунинг учун у дилларга Қуръон нури етмаётгандир)?!» (Муҳаммад: 22-24) (Муттафақун алайҳ).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ «مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ وَأَنْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَه»ُ  (رواه البخاري)


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин!» (Имом Бухорий ривояти).

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ وَلَكِنْ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قَطَعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا» (رواه البخاري)


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир» (Имом Бухорий ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلاً قَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ لِي قَرَابَةً أَصِلُهُمْ وَيَقْطَعُونِي وَأُحْسِنُ إِلَيْهِمْ وَيُسِيئُونَ إِلَيَّ وَأَحْلُمُ عَنْهُمْ وَيَجْهَلُونَ عَلَيَّ فَقَالَ: «لَئِنْ كُنْتَ كَمَا قُلْتَ فَكَأَنَّمَا تُسِفُّهُمْ الْمَلَّ وَلا يَزَالُ مَعَكَ مِنْ اللَّهِ ظَهِيرٌ عَلَيْهِمْ مَا دُمْتَ عَلَى ذَلِكَ»  (رواه مسلم).


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, менинг қариндошларим бор, мен уларга алоқа қиламан, улар мендан алоқани узишади. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қилишади. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар менга қўполлик қилишади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар ўзинг айтаётганингдек бўлсанг, гўёки сен уларга қайноқ кул едиряпсан экан (яъни, улар оғзига чўғ солинган одам каби алам-оғриққа дучор бўлишади) ва модомики шу ҳолда давом этар экансан, улар қаршисига Аллоҳ тарафидан бир ёрдамчи сен билан бирга бўлаверади» (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ:
Ислом қариндошларни бир-бирлари билан алоқа қилиш ва меҳр-мурувватли бўлишга ундайди, мусулмонлар ўртасида бир-биридан узилиш ва юз ўгириш каби салбий ҳолатлар бўлишини қоралайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло силаи раҳмга буюрган ва уни узган кишиларга азоб бўлиши билан огоҳлантирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам силаи раҳмга тарғиб қилганлар ва у умрнинг узун, ризқнинг кенг-мўл бўлишига сабаб эканини хабар берганлар.

Мазкур ҳадислардан олинадиган фойдалар:
1- Силаи раҳм қилиш вожиб, уни узиш оқибати ёмон;
2- Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда силаи раҳм қилган одамдир;
3- Силаи раҳм ризқнинг зиёда ва умрнинг узун бўлишига сабаб;
4- Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариш дуруст эмас.

Исломда қариндошлик алоқаларини боғлаб туриш ҳар бир мусулмон учун вожиб қилинган. Бу алоқани узиш эса ҳаромдир.
Аллоҳ таоло бундай деб буюради:
«Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва йўл ўғлига ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма» («Исро» сураси, 26-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло қариндошларнинг бир-бирларида ҳаққи борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларининг ҳаққи бор. Бу ҳаққ уларга Аллоҳ таоло томонидан берилган. Бой-бадавлат киши ўз қариндошларига ёрдам берганида, миннат ёки фазлини кўрсатиш учун эмас, балки Аллоҳ таоло амрини адо этиш, Аллоҳ таоло белгилаган ҳақни бериш учун иш қилган бўлади.
Шунингдек, ночор қариндош ўзининг бой-бадавлат қариндошидан бирор нарса олганда, унинг олдида хору зор бўлиб эмас, Аллоҳ таоло унга белгилаган ҳақни олаётганини тушуниб, ўзини эркин тутиб олади.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида яхшилик ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, қуйидаги васфни ҳам айтган:
«Яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўл ўғлига, тиланчиларга, қул озод қилишга берса» (177-оят).
Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга; боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни, боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни, еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; йўл ўғлига, яъни, ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни, ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бош-қалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни, хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш яхшиликдир.
Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу, юксак инсоний фазийлатдир. Фақат юксак инсоний фазийлатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақийқий яхшиликни қилган бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни ризқи кенгайтирилиши ва ажали ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин», – дедилар».
(Учовлари ривоят қилишган)
Силаи раҳм қанчалик аҳамиятга эга амал эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олсак бўлади.
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоятида:
«Силаи раҳм қилувчи берганга яраша қайтарган эмас. Лекин силаи раҳм қилувчи ўзининг силаи раҳми кесилганда уни боғловчидир», – дедилар».
Фалончи менга яхшилик қилган эди, мен ҳам унга яхшилигини қайтариб қўйишим керак, деган маънода иш қилган одам силаи раҳм қилувчи ҳисобланмас экан. Ҳақийқий силаи раҳм қилувчи қариндошлик алоқасини узиб қўйганга яхшилик қилувчи шахс экан.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Раҳм Роҳмандан олингандир. Бас, Аллоҳ: «Сени ким узса, Мен ҳам уни узаман. Ким сени боғласа, Мен ҳам боғлайман», деди», – дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Силаи раҳмдаги «раҳм» Аллоҳ таолонинг исм-ларидан бири бўлмиш «Роҳман» исмидан олинган. Шунинг учун, Аллоҳ таоло силаи раҳм қилган шахс ила алоқа қилади ва силаи раҳмни кесган шахсдан алоқани кесади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Раҳм Аршга осилиб олиб:
«Ким менинг силамни қилса, Аллоҳ ҳам унга сила қилади. Ким менинг силамни узса, Аллоҳ ҳам ундан силасини узади», дейди», – дедилар».
Иккисини Муслим ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан силаи раҳм ҳаққи қанчалар улуғ эканини англаб оламиз. Ким қариндошларига силаи раҳм қилса, Аллоҳ таоло ҳам унга раҳим қилар экан. Ким қариндошларини ўз ҳолига ташлаб қўйса, Аллоҳ таоло ҳам уни ўз ҳолига ташлаб қўяр экан.
Жубайр ибн Мутъам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “لا يدخل الجنة قاطع رحم”
Яъни: «Қариндошлик алоқасини узувчи жаннатга кирмайди» (Бухорий ривояти).
Қариндошлик алоқасини узишни ҳалол санаган киши жаннатга кирмас экан. Ёки бу ишни қилган одам жаннатга кечикиб кирар экан. Бу ҳадиси шарифда қариндошлик алоқасини узишга нисбатан зажр бордир. Бас, шундай экан, қариндошлик алоқаларини мустаҳкам ва бардавом қилишга ҳаракат қилмоқ лозим.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Гуноҳи кабийраларнинг энг катталаридан бири киши ўз ота-онасини лаънатламоғидир», – дедилар.
«Ё Расулуллоҳ, қандай қилиб киши ота-онасини лаънатлайди?» – дейилди.
«Киши бошқа бир кишининг отасини сўкади. Бас, у ҳам бунинг отасини ва онасини сўкади», – дедилар».
Иккисини Тўртовлари ривоят қилишган.

Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло: «Мен Аллоҳман! Мен Роҳманман! Раҳм Менинг исмимдан олингандир. Ким унинг силасини қилса, Мен ҳам унинг силасини қиламан. Ким унинг силасини узса, Мен ҳам унинг силасини узаман», дейди», – дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Насабларингиздан силаи раҳм қиладиган нарсангизни таълим олинг. Чунки, силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатидир, молу мулкнинг кўплигидир ва умрнинг зиёдалигидир», – дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.
Силаи раҳм – қариндошлик алоқаларини яхшилаш кишига бу дунёнинг ўзида ҳам бир қанча фойдаларни берар экан. Улардан бу ҳадиси шарифда саналгани қуйидагилардир:
1. Аҳлнинг муҳаббати.
Ким аҳлининг муҳаббатига сазовор бўлмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.
2. Мол-мулкнинг кўплиги.
Ким кўп мол-мулкка эришмоқчи бўлса, силаи раҳм қилсин.
3. Умрнинг зиёдалиги.
Ким умрининг зиёда бўлишини истаса, силаи раҳм қилсин.

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, одам ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади. Чунки бунинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир. Аллоҳ таоло айтади:


فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِن تَوَلَّيْتُمْ أَن تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ * أُوْلَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ * (سورة محمد / 22-23)

яъни: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир”.
Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашни Ўзи буюргани, аммо шунга қарамай айримлар бу алоқаларни кесиб, ер юзида бузғунчилик қилишларини қоралаб, бундай дейди:
الَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِن بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الأَرْضِ أُولَـئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ * (سورة البقرة /27).
яъни: “Бундайлар Аллоҳ аҳдини маҳкам қилганидан кейин бузишади, Аллоҳ уланишга буюрган қариндошлик ришталарини кесишади ва ер юзида бузғунчилик қилишади, ана шулар зиёнкорлардир”.
Азиз жамоат! Қавм-қариндошлар билан алоқани боғлаш имондандир, бу алоқаларни узиш эса кофир-фосиқларга хос хислатдир. Уламолар айтишадики: «Киши қариндошлари орасида бўлса, ўзаро ҳадя ва зиёрат ила боғланиб туриши вожиб бўлади. Мол билан марҳамат кўрсатишга қодир бўлмаса, зиёрат қилиш, ишларига ёрдам бериш билан боғлансин. Агар бунинг ҳам иложи йўқ бўлса, улар билан хат орқали боғланиб турсин. Боришга имкони бўлса, боргани афзал».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлар билан боғланиш савобидек тез келадиган яхшилик йўқ. Дунёда тезгина азоб бериб, охиратда ҳам азоб бўладиган гуноҳ қариндошлардан алоқани узишдир»; «Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар жаннатга кирмайди»; «Ким ризқи мўл бўлишини, ажали орқага сурилишини истаса, қариндошлик алоқаларини узмасин»; «Қариндошга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳм ҳисобланади. Уларга икки ажр берилади: бири – қариндошлик ажри, иккинчиси – садақа ажри», дедилар.
Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат этиб бундай деди: «Эй Аллоҳнинг элчиси! Менга мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирадиган бир амалнинг хабарини беринг». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга бирор нарсани шерик қилмайсан, намозни адо этасан, закотни тақводорларга берасан ҳамда силаи раҳм қиласан», деб жавоб қилдилар. Уламолар нақл қилишларича, бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, «Мен қариндошларга боғландим, улар мендан узилдилар, уларни кечирдим, менга зулм қилдилар, уларга яхшилик қилдим, менга ёмонлик қилдилар – уларга ўзларидек муомала қилайинми?» деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўқ, унда гуноҳга шерик бўлиб қоласан. Сен уларга яхшилик қил ва янада боғлан. Агар сен шу ишингда давом этсанг, ҳамиша Аллоҳдан қувват сенга давомли бўлади».

Қариндошлик алоқаларини боғлаш вожиб бўлган қариндошлар ака-укалар, амаки, тоғалар, холалар, аммалар ва уларнинг фарзандларидир. Қариндошлар билан алоқани узиш тез орада жазоланишнинг, уқубатга учрашнинг асосий сабабларидан биридир. Силаи раҳмда ўнта мақталган хислат бор: 1. Аллоҳ таолонинг розилиги бор, чунки Аллоҳ таоло шунга буюради. 2. Мўминларга хурсандчилик етказиш бор – бу ҳақда хабар келган. 3. Силаи раҳм билан фаришталар хурсанд бўладилар. 4. Силаи раҳмда мусулмонларга яхши мақтов бор. 5. Иблисга ғам етказиш бор. 6. Силаи раҳмда умр узаяди. 7. Ризқда барака бўлади. 8. Марҳумлар хурсандлиги бор, чунки ота-она ва боболар ортларида қолганларнинг силаи раҳмидан мамнун бўладилар. 9. Дўстлик кучаяди, чунки бир сабаб билан қавм-қариндошлар тўпланишиб, қувонч ёки ғамда бир-бирларига шерик бўладилар ва бу ҳол уларда дўстликнинг кучайишига сабаб бўлади; 10. Ўлгандан кейин ҳам ажрининг кўпайиши бор. Чунки қариндошлар ортидан дуо қиладилар, ҳамма вақт яхшиликларини эслаб юрадилар.

Одобимизда яқинлар ва қариндошлар билан алоқа-муносабатларни (силаи раҳмни) узиш энг оғир жиноятлардан саналади. Агар улар арзимас сабаблар туфайли сиздан ўпкалаб, гина қилиб юришса ҳам, сиз аввалгидай муомалангизни рисоладагидай қилаверинг, уларга яхшилик ва эҳсонларингизни кўпайтираверинг.  Қариндош-уруғлардан кимдир сиздан ўпкалаб ёки ноўрин ранжиб юрган бўлса ҳам, сиз уникига боришни канда қилманг, ҳолидан хабар олинг, қўлингиздан келган ёрдамингизни кўрсатаверинг. Айбдорларни изламанг, шайтон васвасаларига учманг, ғурур ва кибр домига тушманг. Яқинларингизнинг сиздан норози бўлишларига йўл қўйманг. Ғурур ва кибр инсонни ҳалокатга олиб борувчи, икки дунёсини харобага айлантирувчи энг ёмон иллатлардандир.

Ривоятларда келтирилганидай, ака синглиси ҳолидан хабар олиш учун кетаётганида қаршисидан буғдойзор дала чиқиб қолса, йўлни қисқартириш учун уни пайхонлаб ўтишига ижозат берилганининг ўзи ҳам акаларнинг ўз сингилларига қандай муносабатда бўлишлари кераклигини кўрсатиб турибди. Бизлар эса баъзида вақтимиз етишмаслигини, қўлимиз қисқалигини, синглимиз бизга яхши муомалада бўлмаганини,  у хотинимизга ёқмаслигини ва бошқа ўнлаб турли сабабларни баҳона қилиб, улар ҳолидан хабар олиш, мушкулотида ёрдам бериш, кўнглини кўтаришдан ўзимизни олиб қочамиз. Бу қилиғимиз билан буғдойзор дала у ёқда қолиб, кўнгил далаларини пайхон қилиб юрамиз.

Имом Бухорийнинг биргина “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадис китобларида силаи раҳм ҳақидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ўнлаб ҳадиси шарифлар келтирилган. Қуйида шулардан айримларини келтирамиз:

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узишдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ», деганлар».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг отаси яхши кўрган одамларга силаи раҳм қилиши яхшиликларнинг яхшисидир», деганлар. Изоҳ: ота вафотидан кейин у яхши кўрган кишилар билан алоқани узиб юбормаслик (силаи раҳм) яхшиликнинг энг аълоси, дейилмоқчи.
Анас ибн Моликдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ризқи кенг бўлишини ва ортидан асари қолишини истаса, силаи раҳм қилсин», деганлар». Изоҳ: «асар» деганда банда вафотидан кейин ундан яхши ном ва хотира қолиши кўзда тутилган.
Абдуллоҳ ибн Абу Авфдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ораларида қариндошлик алоқасини узувчиси бор қавмга раҳмат тушмайди», деганлар».
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», деганлар».

Ким ўзи бой бўлсаю такаббурлик ортидан камбағал қариндошларидан алоқасини узса, уларга хайр-эҳсон қилмаса, Яратганнинг ғазабига учраб, мукофотидан маҳрум бўлади. Фақат тавба қилиб, эҳсонини кўпайтирса ва уларнинг кўнглини олсагина гуноҳи кечирилади. Қариндошлар билан алоқани боғлаш ризқнинг зиёда, умрнинг узун ва ёмон ўлимдан сақланиш сабабларидандир.

Юртимизда 2012 йил – “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинган экан, оила аъзоларимиз, узоқ ва яқин қариндошларимиз билан алоқаларимизни мустаҳкамламоғимиз, ушбу муносабатларни меҳр-мурувват, саҳоват ва дўстлик сингари эзгу умуминсоний ғоялар асосига бино қилмоғимиз, жамиятимиз мустаҳкамлиги, аҳиллигига сабаб бўлишини ёдда тутиш даркор.
Ҳар вақт қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қавму қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали Парвардигор раҳматига сазовор ва Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак шафоатларига лойиқ бўлишимиз борасидаги саъй-ҳаракатларимизда Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлсин! Аллоҳ таоло барчаларимизни рушди ҳидоятидан адаштирмасин. Қариндошлар орасидаги силаи раҳмнинг мустаҳкам бўлишини насибу рўзи қилсин. Ўзини розилигига олиб борадиган амалларда барчаларимизни бардавом айласин! Омин.

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани
бош имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов

Ҳозир сайтимизда 79 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ