1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Девор ошган маломат

Ҳикматли китобларда ҳикоя қилинадики, бир аёл ўнг томонидаги қўшнисидан меҳр-мурувватини дариғ тутмасди. Қозонида таом пишса кўнгли буюраркан: «Бир коса овқатингда қўшнингнинг ҳақи бор?» Аёл ҳамиша девор оша қўшнисига нималардир ҳадя этар, пайти келса унинг яхши-ёмон кунларида ҳам оғринмай хизмат қиларди. Бир куни аёлнинг боши ёстиққа тегди-ю, қайтиб ўрнидан турмади.

— Эй, парвардигор, — аёлнинг мижжаларидан ёш сизиб чиқарди. — Омонатингни олмай тур, мен ҳали қўй сўйиб қурбонлик қилолмадим, элга хайр-эҳсон кўрсатмадим. Фурсат берсанг ана шу амалларни бажо келтирсам!
Аёлнинг илтижоларини эшитиб турган саҳобалардан бири айтибди:
— Эй ожиза, сен ҳар чоршанба кунида ён қўшнингга берган арзимас ҳадянг ҳам юзта қўй сўйиб Аллоҳ йўлида қилинган эҳсоннинг савоби билан баробардур, — дебди.
Ҳикоятдан маълум бўлдики, шу биргина сўз аёлга икки дунёси учун инъом этилган ажр-мукофотдир. Қанийди ана шу аёлга кўрсатилган карам ҳамма аёлларимизга ҳам насиб этса. Минг афсуски, орамизда деворлар оша ҳадялар эмас, бир-бирларига туҳмат, маломат, қаҳр-ғазаб тошлари узатадиган қўшни аёллар ҳам йўқ эмас.
Таҳририятимизга қўшнисидан шикоят қилган Кароматхон исмли аёлнинг кўнгил ҳасратларига бир қулоқ тутинг-а:
«Эшигининг олдидаги крандан   сув олсам, ўзидан ўзи дарров югуриб чиқади. Боласи қизларимнинг йўлини тўсиб ҳақорат қилади. Эл-юртдан андиша қилиб, ўзимни боссам «андишанинг отини қўрқоқ» қўйиб олди. Охири чидамай маҳалла раисига, мелисага арз-додимни айтдим. Ўшандан кейин ўртамиздаги муносабат баттар ёмонлашди. Ҳатто у мени бузуқ аёлга чиқарди. Бир куни қўшним Латофат шитоб билан келиб юзимга зарб билан урдики, кўзим косасидан чиқиб кетай деди. Кейин яна тўхтамай юз-кўзимга чанг солаверди. Ҳолдан тойганимдан фойдаланиб итариб юборган эди, гандираклаб бориб йўл четидаги бетон бўлагига бошим билан йиқилдим. Бир ой шифохонанинг жонлантириш бўлимида ётдим. Аммо дард қурғур ҳеч чекинмади. Дўхтирларнинг айтишича, орқа миям шикастланган экан. Ҳамон бошим оғрийди. Баъзида дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетади. Латофатга ўхшаган қўшниларга ҳам Худонинг куни бормикин?»
Икки қўшни келишолмай қолибди. Ён-атрофидагилар бўлган воқеадан хабардор бўлсалар-да, уларни яраштириб қўйишга  ҳаракат қилишмабди. Ўртадаги келишмовчилик авж олиб, иккала аёл ёш болалардек юмдалашишгача борибди. Улар катта кўчада ёқалашса-да, ҳеч ким парво қилмаган. Энг ачинарлиси бу воқеани ҳамма дарвоза тирқишидан мўралаб томоша қилган. Эҳтимол, маҳалла фаоллари уларнинг ўрталарига тушганларида бу нохуш ҳол юз бермасмиди.
Касбимиз юзасидан шикоятларни ўрганиш учун баъзан жойларга чиқишимизга тўғри келади. Шу ўринда ўзим гувоҳи бўлган бир воқеани сўзлаб берай. Икки қўшни уришиб-талашди, юмдалашди, бу ҳам етмагандек бир-бирларининг устидан арз-дод қилиб бормаган идоралари қолмади. Муаммоларига фақатгина судда нуқта қўйилишини билишгач, бири иккинчисини судга берди. Жанжаллашишга, судлашишга нима сабаб бўлган экан дерсиз? Жанжалнинг сабаби бир қарич ер. Қишлоқда-ку одамларнинг томорқаси бор, шунинг учун ерга назарлари тўқдир. Аммо шаҳарда кафтдек ер ҳам талаш.  Айрим қўшнилар бир-бирларига «юзингда кўзинг борми, эртага яна қандай қўшничилик қиламиз» демас экан. Ер талашган икки қўшнининг муросасизликлари уларнинг эрларига ҳам, фарзандларига ҳам ўтиб, ўртадаги келишмовчилик кучайибди. Ажабланарлиси шундаки, қўшнилар ҳам икки гуруҳга бўлиниб олишибди. Улар суд залида бир-бирларига ёвқараш қилиб қараб қўйишади. Ўртада эса судъя гапираётган ҳар бир гувоҳнинг сўзини диққат билан тинглади.
Ҳамма ўзича ҳақ. Жанжалга, судлашишга баҳона бўлган бир қарич  ерни талашиб, суд залида бир-бирига ҳақоратомуз сўзларни айтаётган қўшниларга қараб туриб бир нарсани ўйлаб қолдим. Суд ҳам тугайди. Ўша талашилаётган ер эса кимгадир тегади. Лекин улар эртага қайси юз билан яна қайтиб қўшничилик қиларкин? Қайси юз билан бир-бирининг иссиқ-совуғида тураркин?
 Халқимиз «Қўшнинг тинч — сен тинч», «Ён қўшнинг — жон қўшнинг» деб бежизга айтмаган. Дарҳақиқат, бу гаплар хўп топиб айтилган. Орамизда шундай қўшнилар борки, ҳамма уларнинг иноқликларига ҳавас қилади. Қўшнисининг яхши-ёмон кунида қариндошидан-да зиёда хизмат қилади. Шундай экан, бир-биримизнинг дилимизни оғритишдан не ҳожат! Нега энди бизлар ҳам ҳикоятдаги аёлдек қўшничилик қила олмаймиз? Ахир аҳиллик, тотувлик, муроса бор жойда қут-барака бўлади.
Қўшнилар ҳақида яна кўп гаплар айтгим келяпти. Ниҳояси эса биргина, ҳамманинг аҳил-иноқ яшашини истайман.

ЁРҚИНОЙ

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ