Сайт бўлимлари
Мусулмон исрофгар бўлмайди
- Подробности
- Бўлим: Урф-одат
- Чиққан санаси: 26 Март 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Бугун ҳаммамиз исрофгарларнинг исрофгарига айланиб кетдик. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, ҳамма нарса бараварига исроф қилиняпти. Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани ачинарли. Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Бут-бутун, ҳали кийишга яроқли кийимларимизни, пойабзалларимизни “урфдан қолди” деган сабаблар билан чиқариб ташлаяпмиз. Бошқалардан ортда қолмаслик учун деярли янги уйларни бузиб, ўрнига бошқасини қуряпмиз.
Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси энг биринчи даражали ташвишлардан бўлиб турибди. Бугунги кунда дунёда 1.100.000.000 киши ёки жами аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож. Ҳозирги пайтда жами 470 миллион киши сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда, 2,4 миллиард киши эса, сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ўлкаларда яшайди. Яна йигирма йилдан кейин сув етишмайдиган ўлкаларда яшовчилар сони олти бараварга кўпайиб, уч миллиард кишига етиши кутилмоқда. Сифатли ичимлик суви етишмаслигидан жаҳонда йилига ўн миллион киши касалланиб, нобуд бўлаётир.
Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда бизлар тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўйяпмиз. “Нега бундай?” десангиз, “совуқда музлаб қолади”, деб баҳона топамиз. Тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, ичимлик сувини салқинлатиш учун ҳовлиларимизга, кўчаларимизга сепамиз. Таҳорат ва ғусл қилишда одамларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўрганда айниқса тежамкорлик деган нарсани батамом унутилганига иқрор бўласиз. Ваҳоланки Сарвари коинот (алайҳиссалом) бир литрча сув билан таҳорат олганлар, ғуслга эса уч литрча сув ишлатганлар. Бизларга ўхшаб бир марта чўмилиш учун ваннани тўлатиб сув сарфламаганлар.
Гугурт тежаш учун ёки хонани иситиш мақсадида газимиз кун бўйи ёқилганича қолади. Зарурати бўлмаса ҳам уйларимизда, хонадонларимизда, ишхонамизда электр чироқлари соатлаб ёниқ туради, ҳеч ким кўрмаётган телевизорни ўчириб қўймаймиз, компуторларимиз зарурати бўлмаса ҳам ишлайверади. Ахир, ҳамма нарсанинг уволи бор. Халқимиз “нимани хор қилсанг, ўшанга муҳтож бўласан”, дейди.
Жуда кўп ўлкаларда бўлганман, ўша ердаги одамларнинг исрофнинг олдини олиш, ҳар бир нарсани тежаб-тергаб ишлатиш борасидаги ишларини, тажрибаларини кўриб, биздаги исрофгарчиликлардан кўп марта ўкинганман. Саудия Арабистонининг аксари мусофирхоналарида сув жўмракларига махсус мослама ўрнатилган, қўлингизни жўмракка яқинлаштирсангиз, сув тушади, тортиб олишингиз билан келаётган сув таққа тўхтайди. Бундай сув жўмракларини Туркия ва Олмонияда ҳам, Финландия ва Эронда ҳам кўрганман. Жуда кўп мамлакатларда хонадонга кираверишдаги ёритиш чироқларига махсус реле қўйилган шекилли, калитни эшик қулфига солиб, очгунингизгача чироқ ёниб туради, маълум вақт ўтиши билан дарров ўчади. Болгарияда бўлганимда, кўча ва йўлкалар четига ёнма-ён учтадан ахлат қутилари қўйилганини кўрдим. Таржимондан бунинг сабабини сўрасам, бири кераксиз ахлатлар учун, иккинчиси елим баклашкалар, халталар учун, яна бири эса қоғоз, латта, металл каби қайта ишласа бўладиган нарсалар учун экан. “Тежамкорлик бундоқ бўпти”, дея роса ҳавасим келганди.
Исроф жамиятнинг истисносиз барча табақалари орасида тузалмас бир дардга айланиб бўлди. Одамларимиз ҳатто исрофгарликлари билан мақтанадиган бўлишди. Болаларимиз катталардан ўрнак олиб, неъматнинг қадрини билмайдиган, нарсаларини бўлар-бўлмасга ташлаб юборадиган ҳолга келишди. Улар китоб-дафтарларини, ўйинчоқларини, кийим-бошини авайламайдиган, ота-оналари машаққат билан топган пул ва мулкини тежамайдиган бўлиб тарбия топяпти.
«Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Машаққат ва ҳамма нарсадан ўзни қайтаришлар эвазига йиллаб йиққан молини ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборади. Бирор буюмнинг (масалан, улов, рўзғор ашёси ёки кийим-кечакнинг) арзонроғи тургани ҳолда бошқаларни лол қолдириш мақсадида энг қимматини сотиб олади, ҳатто «кимошди» савдосидан харид қилади.
Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Бир замондош олим айтганидай, «Исрофнинг энг кичиги таом еган косангдаги ёғ юқини тозаламасликдир». Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш учун уйларни ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали қилиш, уларни хориждан келтирилган қимматбаҳо ашёлар билан жиҳозлаш, кийимнинг янги урф бўлгани (модадаги) изидан пул сочиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам давримиздаги исрофнинг кўринишларидандир.
Тошкент тўйхоналаридан бирида (!) ўтказилган «марҳумни хотирлаш» маросими дастурхонига тортилган неъматларнинг кўплигидан, ранг-баранглигидан, қимматбаҳолигидан ҳамма ҳайратда қолди. Ҳатто меҳмонлардан бири таажжубини яшира олмай: «Пул топибдию, аммо сал ҳаддидан ошибди-да» деди. Тўғри, унга мўл-кўл давлат берилган бўлса, инсончилик туфайли буни элга билдиргиси келади, катта сарфлар билан ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатмоқчи бўлади.
Лекин ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган бир талабага елка қўйиб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир танишини қўллаб юбориш мумкин-ку!
Ҳаётини, эътиқодини нима қилиб бўлса ҳам бойиш, бу йўлда ҳар қандай ахлоқий меъёрлардан воз кечиш устига қурган Ғарбнинг расимол (капитал) дунёси ҳар ишда фақат ўз фойдасини кўзлайди. Исрофнинг олдини олиш уёқда турсин, гугурт чўпини ҳам одамларга текинга бермаслик учун қанчалаб керакли неъматларни йўқ қилади, уммонга улоқтиради ёки ёқиб юборади. Газетларда пўртахол ёки банан ҳосили кутилганидан ортиб кетса, унинг баҳоси тушиб, фойда камайиб кетишидан қўрққан сармоядорларнинг тонна-тонна неъматларни муҳтожларга тарқатмай, сувга оқизишганини кўп ёзишган. Яна шуниси ажабланарлики, улар меваларни одамлар сувдан чиқариб олмасин, деган хавфда соҳилларга ҳеч кимни яқинлаштирмайдиган соқчиларни ҳам тайинлашади.
Исрофгарликнинг охири надомат билан тугайди, ҳалокат билан якунланади. Исрофгар қанчалик бой бўлмасин, алал-оқибат барибир камбағалга айланади. Шамини кундузи ёндирган одамнинг туни қоронғу бўлади. Пулини, молини, бошқа неъматларни хор қилган киши оғир кунда ўзи ҳам хор бўлади. Тасаввур қилинг: бир уй тўла оч-яланғоч одам ўтирибди. Уй совуқ, егани ҳеч вақо йўқ, хасталарга табиб чақиргани, дори-дармон олгани ҳам пул йўқ. Оила аъзоларининг барчаси ғамга ғарқ бўлган, ҳатто болаларнинг кўнглига шўхлик сиғмайди. Мана шу кўнгилсиз ҳолатнинг бош айбдори кераксиз ўринга мол сарфлаган, иқтисод, тежаш деган гапларни аллақачон унутиб юборган оила бошлиғидир. У «Пул мени эмас, мен пулни топаман», деб эртасини ўйламай топганини беҳуда совурган.
Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло айтади: «(Бахиллик билан) қўлингизни бўйнингизга боғлаб олманг! (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг!» (Ал-Исро, 29); «Улар инфоқ-эҳсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар» (Фурқон, 67).
Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар» (Имом Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди». Исрофгар жаннатга кирмайди, дейилган.
Тўғри, пулга, мол-дунёга муҳаббат қўйиш, пул устига пул йиғиш ёмон хулқлардан саналади. Аммо кераксиз ўринга пул-мол сарфлаш ҳам ақлга зид ишдир. Бир донишманд айтганидай, «саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма». Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди. Юз сўмга олинадиган нарсага ҳовлиқиб минг сўм тўламайди. Пулини фақат ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларгагина харжлайди. Тежаган киши асло фақир бўлмайди, балки икки дунё саодатига эришади.
Имоми Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир». Дарҳақиқат, Аллоҳ розилиги йўлида ўзгаларга ҳар қанча хайр-эҳсон (яъни, яхшилик) қилсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди, исроф бўлмайди. Аксинча ҳар қандай ишда исрофга йўл қўйсангиз, у ҳар қанча чиройли кўринмасин, ортида ҳеч бир яхшилик йўқ. Пулни ҳисоб-китоби билан сарф қилиш фойданинг ярмидир.
Исрофгарлардан бири Суқрот ҳакимга камбағал бўлиб қолганидан шикоят қилди. Суқрот ўша одамга шундай маслаҳат берди: «Исрофингга бир чегара қўйиб, пулингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг ўнгланади». Улуғ донишманднинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлмайдими?
Исроф деганда фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Соғлиқнинг қадрига етмай, тинкани қуритадиган ёки саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исрофдир. «Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди», дейишади. Исрофнинг энг оғир гуноҳлардан эканини ҳис этайлик. Ҳамма ишда тежамкор ва тадбирли бўлиш мусулмон ахлоқининг зарур шартларидан эканини бирор сония ҳам унутмайлик. Шунда чин мусулмон бўламиз, чунки мусулмон исрофгар бўлмайди!
Аҳмад МУҲАММАД
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 222 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар