Сайт бўлимлари
Яна келинг, айланай
- Подробности
- Бўлим: Урф-одат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Шарқона одоб-ахлоқу андишани, исломий тарбияни ҳар нарсадан юксак қўйгувчи элимиз, меҳмон кутишни, топган-тутганини дастурхонга қўйиб, эшигидан кириб келганнинг иззатини ўрнига қўйишни ҳам фарз, ҳам қарз билади. Аммо меҳмондўст халқимиз айбга буюрмаса, меҳмоннавозлик ҳолатлари, мезбон одобию меҳмон андишаси борасида андак мушоҳадаларимиз бор эди-ки, фикрларимизни сиз азиз муштарий билан баҳам кўрмоқликни айни муддао билдик. Шундай қилиб
“МЕҲМОН ОТАДАН УЛУҒ”...МИ?!
Шу мақолни кўп эшитганман. Сизни-ку билмадим, аммо бу иборани ишлатиш менга бироз эриш туюлади. Инсон учун ота-онадан улуғ, ота-онадан буюк ва ҳақли зотлар йўқ ёруғ дунёда. Фарзанди учун ҳар нега тайёр, жигарбандини таъмасиз, илинжу талабсиз яхши кўрадиган инсонлар қаторига меҳмонни қўйиш мантиққа мос келармикан, деб ҳам ўйланиб қоламан гоҳида. Нега деганда, остонамизга келадиган меҳмонларнинг бари ҳам яхши ниятда қадам қўяди, деб ўйлайсизми? Ҳозир дастурхонингизни, уй-жойингиз, туриш-турмушингизни “текшириш” учун йўқлайдиганлар кўпайган. Одамовироқ, ёлғизликни ёқтирадиган, меҳмонга ҳуши йўқ бир танишим, уйига келадиган қариндошлари ҳақида гапирди:
— Меникига меҳмонга келадиган қариндошларимнинг гап-сўзлари, ўзларини ақлли билиб маслаҳат беришлари жонимга тегди. Меҳмонмисан, иззатингни бил, бировнинг уйи, шахсий ҳаёти билан нима ишларинг бор, деб уйимдан қувиб юборай дейману, яна андишага бориб, ўзимни тияман. Ўтган куни икки боласи билан меҳмонга келган акамнинг қизи хоналаримизнинг эшигини бир-бир очиб кўриб, «Амма, бу уйларингиз жуда таъмир талаб бўлиб қолибди-ку”, деб қаерни қандай таъмирлашимиз ҳақида маслаҳат ҳам беряпти. Агар, у айтган ишларни қилишга имконим бўлса, бировларнинг маслаҳатини, дашномини эшитиб ўтирармидим?! Пулим бўлса, қиламан-да. Камига, қизингизни қачон уйлайсиз, ўғлингизга келин қилсангиз бўлмайдими, деб танбеҳ беришини-чи! Тўғриси, уйимдан ҳайдаб юборишдан ўзимни аранг тўхтатдим. Меҳмон дегани ҳам шунақа сурбет бўлар экан-да?! Жиянимни кузатганимдан кейин хўрлигим келиб роса йиғладим. Бир пайтлари мен уни қўлимда кўтариб катта қилганман, энди чўнтагига уч-тўрт сўм кириб, у менга насиҳат қиладиган, ақл ўргатадиган бўлибди. Меҳмон бўлса, олдига қўйганимни еб-ичиб, ҳол-аҳвол сўраб кеавермайдими? Демак бировнинг уйига уй-жойини, дастурхонини текшириш, насиҳат қилиш учун йўқлашаркан-да... Уч-тўрт йилча аввал яқин, ён қўшнимиз вафот этди. Эр-хотин олий маълумотли, зиёли кишилар бўлиб, ҳалол меҳнат билан кун кечиришарди. Беш қизни узатиб, бир ўғилни уйлантирган, невараларига бешик тўй, суннат тўйлар қилиб берган ота-онада ортиқча мол-дунё, бойлик қаердан бўлсин?! Таъзияга келганлардан бири, бефаросатларча, іўшниларга, “Бу акам дунёга келиб нима қилиб юрган эканлар?! Элликка кириб ўтган бўлсалар, майли умрларининг йигирма йили болалик-бебошликда ўтиб кетгандир. Қолган ўттиз йилида нима каромат кўрсатган эканлар?! Уй-жойлари ҳам ҳаминқдар, ўша оталари қуриб берган бир хонадонга мўлжалланган ҳовли-жой. Ҳатто оғиллари ҳам йўқ экан. Томларига шифер ёпилмаган, супалари қишда лойга, ёзда чангга ботиб қоларкан-да. Э, аттанг...” дебди. Аввало шу гапларни бевақту бемаврид таъзияда айтган одамнинг фаросати, андишаси ўзига яраша эканлиги сезилиб турибди, аммо эшитган гапини оқизмай-томизмай таъзиядорларга етказган одамни нима дейиш мумкин?!
Бу гапдан кўнгли оғриган хонадон бекаси кўзига ёш олиб, “Одамлар мендан кўнгил сўрагани, дардимни аритгани эмас, уй-жойимни, абгор рўзғоримни томоша қилгани келишибди-да. Мен миннат қилмайман, болаларим, невараларимнинг тўйи баҳона халққа берган ош-нонимнинг пулига икки-учта данғиллама ҳовли жойлар қурса бўларди. Менга ўша ҳашамату дабдабанинг нима кераги бор?! Мана, шу вайрона уйни ҳам ташлаб дадаси кетдилар, мендан ҳам қолади. Энди шу уч-тўрт кунлик ғанимат умрда борига шукр қилиб, қаноат билан яшамай, ўлаксадай мол-дунё тўплаб, роҳат-фароғатдан кечишим керакмиди?! Барибир, минг машаққату ранж-азоб билан тўплаганимизни ҳам ташлаб кетарканмиз-ку! Дадасига йигирма газ сурпдан бўлак ҳеч нарса керак бўлмади-ку!”, деб ўксинганди.
Таъзиями, тўйми, бировнинг эшигига борган одам меҳмон саналади. Азага кўнгил сўраш учун борган меҳмоннинг одобига, маданиятига тўғри келармикан юқоридаги дашномлар?! Шундай меҳмонларга нисбатан, “Меҳмон отадан улуғ”, деган нақлни ишлатиш тўғримикан?
Отадек муқаддаслик рутбасидаги одам учун, бировнинг қўли калталигини, камхаржлигини кўпчилик орасида баралла товушда гапириш, масхара қилиш тўғри саналадими? Барака топгур, одам деганда сал андиша бўлгани яхши, сен кўнглингда борган жойинг ҳақида уйғонган фикрларни, кенг омма билан ўртоқлашишинг шартми?! Беш қўл баравар бўлмаганидек, Яратган бандаларига ҳам турфа тарзда ризқ улашган. Сенга, бошқаларга нисбатан кўпроқ ризқ берибдими, уни шукронасини адо этгину, бошқаларнинг камбағаллигини муҳокама қилиб юрма-да, дегимиз келди, шу ўринда ўша андишасиз одамга ўхшаганларга.
«МЕҲМОН КУТИБ, ЭРИМДАН АЙРИЛДИМ»
Анча олдин бир дугонам кўп қаватли уйларда ижарада турадиган бир танишининг бошидан ўтганларини гапириб берганди. Айтишича, ўша таниши, жанубий вилоятлардан бўлиб, турмуш қурганларидан кейин эр-хотин иш юзасидан пойтахтга келиб қолишади. Имкониятлари даражасида бир хонали уйни ижарага олиб, яшай бошлаган келин-куёв, даставвал уйга келиб-кетиб юрган меҳмонларни, биздан ҳол-аҳвол сўраш учун келишяпти, деб имкони қадар кутиб-кузатиб юраверишади. Тошкентда, шаҳарда яшашнинг ўзи бўлмайди, буни кўпчилик яхши билади. Кўпга бормай ёшлар моддий жиҳатдан қийналиб қолишади. Аммо, ўзбекмиз. Ўзбекона урф-одатлар, расм-русумлар қон-қонимизга сингиб кетган. Меҳмонни атойи Худо, деб бошимизга кўтаргулик бўламиз. Боримизни олдига қўйиб, йўғимизни қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам топиб дастурхонга қўямиз. Юқорида айтганимиздек, меҳмонни отамиздек улуғ кўрамиз. Ана шу одатлардан айрича тарбия кўрмаган ёш келин-куёвлар, бу борадаги эътирозларини катталарга айтишга ийманишади. Қишлоқда болаларининг Тошкентда яшаб, ишлаётганини гапириб мақтанишдан чарчамайдиган ота-оналар, кунда-кунора ёшларга қўнғироқ қилиб, ҳали у қариндошини, ҳали бу қишлоқдошини кутиб олиб, яхшилаб (!) меҳмон қилиб кузатишни буюришдан тортинишмайди. Кўпқаватли уйларнинг бир хонали хонадони. Шарт-шароит ҳам ўшанга яраша. Келадиган меҳмонлар кам деганда уч киши. Ўзбекчиликда, меҳмонга борган эркагу аёл алоҳида хоналарда ухлайди. Гарчи улар бир никоҳда бўлишса ҳам. Мезбонлар бир хонали уйнинг ижара ҳақини аранг тўлашади, ўзларининг ойлик харажатларию келди-кетдидан орттириб. Икки хонали уйга йўл бўлсин! Минг бир истиҳолаю хижолатчилик билан асосий хонада эркакларга, айвон (балкон)га аёлларга жой ҳозирлашади. Яна институтда ўқийдиган қиз бола-жиян ҳам бор. Келинчак талаба жиян билан ошхонада тонг оттиришни мўлжалласа, куёвбола оилали талабалар ётоқхонасида турадиган ошнасиникига борадиган бўлади. Гапнинг индаллоси ана шу меҳмоннавозликлар “шарофат”и билан куёв бўлмиш бир қизга илакишиб, тунларни уникида ўтказадиган ва бу дийдорлашувлар самараси — қиз ҳомиладор бўлиб қолади...
Шаҳарда яшайдиган аксарият юртдошларимиз меҳмондорчиликнинг ана шундай беўхшов томонларидан азият чекишади. Ҳозирги пайтда кўпчилик иш ва ўқиш важидан шаҳарда ижарада яшаётгани сир эмас. Аммо негадир қишлоқдан келадиган меҳмонжонлар ёш келин-куёвлар, ёш болали оилаларнинг бир ёки икки хонали уйларда ижарада яшашларини ҳисобга олмай, тўрт-беш чоғли кишилар, бир-ҳафта, ўн кунга бемалол бўлиб кириб келаверишади.
“Икки хонали ижара уйда эримнинг жияни, укаси, икки болам, эр-хотин яшашга қийналяпмиз. Айниқса, ҳомиладор ҳолатимда иккита бўз йигитнинг олдида кириб-чиқишга хижолат бўляпман. Кўнглим тусаган нарсани еёлмайман. Кеча олиб келинган нарсалар, музлаткичда бир кун турмайди. Уйда оғироёқ аёл бор, деб ҳам ўйлашмайди. Камига ҳалиги талабаларнинг ойлик йўл чиптасию кундалик харажатларига ҳам эрим пул бериши керак. Бунақада қачон биримиз икки бўлади-ю, қачон уй-жойли бўламиз, — дейди бир дугонам оғринган кўйи. — Тағин қайнонам ҳар куни эримга қўнғироқ қилиб, укангга яхши қара, жиянингга эътибор бер, хотининг қаттиқ гап қилмасин, истеҳзо-миннат қилмасин, деб танбеҳ бериши ортиқча”.
Яна бир қўшним “Бир йилда уч юз олтмиш беш кун бўлса, кеча эринмай ҳисоблаб чиқсам, шунинг атиги бир куни, эр-хотин икковимиз ёлғиз қолибмиз. Қолган уч юз олтмиш тўрт кунда ҳам, оқшомда ҳам уйда учинчи ёки тўртинчи одамлар бўлган. Ҳатто бу ҳол, беш ёшли ўғилчамни ҳам қийнаб қўйган экан. Ҳар куни боғчадан олишга борсам, аяжон, уйда яна меҳмон борми, деб сўрайди. Эрим билан қачон дилдан гаплашганимни эслолмайман. Суҳбатимиз фақат нима овіат іилишу, ошхонага іайси масаллиіларни келтириш ҳаіида бўлади. Бундан кўра іишлоііа кўчиб кетганимиз яхши эди. Бўйига тортсак, энига етмайди, энига тортсак бўйи кемтик бўлиб қолади”, дейди.
Ҳайронман, ҳамма нарсани фаҳмлайдиган, андишаю ахлоқни қишлоқда, қишлоқдагиларда кучли деб биладиганлар, каталакдек уйда зўрға мажбурият юзасидан кириб-чиқиб юрган ёш эр-хотиндан истиҳола қилмай, хоҳлаган пайтида кириб келиши, камига ҳафталаб ётиб қолишни қайси андишаю қайси ахлоққа мос келади, деб ҳисоблашаркин-а?..
Меҳр кўзда, дийдор кўнгилларни яіинлаштиради, аммо ҳар нарсанинг меъёри, чегараси бўлгани маъқул. Нима дедингиз?..
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 88 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар