Сайт бўлимлари
Бухорода никоҳ тўй
- Подробности
- Бўлим: Урф-одат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Бухорода совчилик асосан эркакларнинг иши ҳисобланади. Айрим жойларда эса аввал аёллар бориб, ишни пишитганидан сўнг, эркаклар юборилади. Қиз томон совчиларни маъқул кўрса, учинчи келишида ижобий жавобини беради. Халқ орасида бу маросим “Жавоб диҳон”, яъни “Жавоб берди”, деб аталиб, унда қиз томон розилик аломати сифатида совчиликка келган икки эркакнинг олдига иккитадан нон, қанд-қурс ва кўйлак ёки белбоғ қўяди. Ана ундан кейин икки томон келишиб, бир кунни белгилашади ва “Ширини хўри” — “Ширинлик татиш” маросимини ўтказишади. Бунда никоҳланиши кўзда тутилган бўлғуси келин-куёв бир-бирига нонга новвот сувидан суртиб қўли билан едиришади. Айрим ҳудудларда эса, бу одат ўрнига “Қуда таниш” маросими ҳам ўтказилади. Унда икки томон ҳам яқин қариндошларини чақириб, бўлажак келинникида танишишади. Маросимда куёв томон келинга икки ёки тўрт сидра бош оёқ сарпо, қизнинг оила аъзоларига имкони даражасида кийимлик, ундан ташқари, 15-20 чоғли меҳмонга мослаб, гўшт, гуруч, ёғ, нон ва ҳолваю қандлардан олиб келишади. Ундан кейин “Ҳайит оши”, “Тоғора оши” каби маросимлар ҳам бўлиб, бунда ҳам асосан куёв томон келиннинг оиласи ва яқинларига ош-овіат билан бирга совға-салом қилиши керак. Ҳозирги пайтга келиб бу удумлар, “Фотиҳа тўйи” билан бирга ўтказилишга келишилган.
Фотиҳа тўйидан олдин куёв томон келинни бозорга олиб чиқади. Келинлигини билдирувчи матою либослар, упа элликлар олиб беришади. Келин томон ҳам куёвга бош-оёқ сарпо қилишади. Фотиҳа тўйда куёв томон келин томонга қўчқор беради ва маросимнинг барча ош-овқатини қилиши шарт. Айнан фотиҳа тўйи маросимида куёв томоннинг келинчакка қилган сарполари меҳмон аёлларга кўрсатилади. Шу куни ёши катта, ҳаётда ўз бахтини топган, бир никоҳда қўша қариган аёллардан бирига никоҳ кечаси келинчак киядиган оқ кўйлакнинг бичиб-тикилиши топширилади. Бу фотиҳа тўйи ичидаги одатга “Парча дўзон” деб ном берилган. Маросим келиннинг уйида бўлиб ўтади ва унда аввал “Оши софи” яъни фақат Бухорогагина хос бўлган ивитма палов дамланади. “Парча дўзон”га айтилган ёши улуғ аёллар учун эса, алоҳида шўрва ҳам тортилади. Ана энди навбат никоҳ тўйига.
Бошқа вилоятлардан фарқли ўлароқ, никоҳ тўйининг асосий тадбирлари келинникида бўлиб ўтади. Тўйдан уч кун аввал, айрим жойларда эса тўй бўладиган куннинг тонгида келин томондан тўртта кўпни кўрган, оқила онахонлар йигирматача патир, 10-12 тоғора пишириқ билан куёвнинг сарполарини қуда томонга олиб боришади. “Жома пўшон” яъни “Кийим кийди” деб аталган ушбу маросимда маҳалла-кўйнинг ёши улуғ отахон-онахонлари чорланади. Бир никоҳда бахт топиб, пиру бадавлат бўлган, серфарзанд отахон яхши ниятлар билан куёвнинг сарпосини кийдиради. Меҳмонлар сарполари ўзига ярашган йигитга яхши тилакларни билдириб, кўрмана тутқазиб зиёрат іилишади. Ана ундан кейин келинникида “Падар оши” маросими бошланади. Келиннинг отаси қиз узатаётганини элга маълум қилиш учун, ош дамлаттириб, маҳалла-кўй, ёр-бирордарларини чақиртиради. Бу издиҳом чошгоҳдан кейин аёлларнинг “Рахт занон” — “Тахмон тахлаш” маросимига уланиб кетади. Бу удумда келиннинг онаси қизига атаб тиккан кўрпа-кўрпача, ёстиқлар ёши улуғ онахонлар томонидан чиройли қилиб тахмонга тахланади. Устига сўзана, палак ва жойпўшлар ташланади. Расм-русуми бажарилгач, аёлларга шўрва тортилади. Ундан сўнг куёв томондан қуда-меҳмон аёллар патир, ҳолвалар кўтариб келишади. Дарҳол кайвонилар куёвнинг онаси олиб келган чимилдиқни қоқишади. Чимилдиққа чинни товоққа ун тўлдирилиб, устига шам ёқиб іўйилади. Шунингдек, чимилдиқ устига бир парча оппоқ пахта ясаб қўйилади. Буларнинг ҳар бирида ўзига хос рамзий маъно мавжуд бўлиб, ун ризқ-насиба, оилавий тўкинликка ишора бўлса, шам ҳаёт йўлининг ойдин бўлиши учун ёқилади. Қўлда қавилган пахта эса, бахти бекаму беғубор бўлсин, деган ниятда қўйилади. Бухорода даставвал келин-куёв келиннинг отасиникида чимилдиққа киритилади.
Отинойи куёвга саломнома ўқийди, куёвнавкарлар “Ҳазор алик” дея унга жўр бўлишади. Бу одатда куёвнинг онаси ўғлининг бошига иккита нон қўйиб, бир қўли билан кўзгу тутиб уни чимилдиққа кузатишади. Кейин келинчакнинг ҳам бошига оқ рўмол ташлаб, юқоридаги каби саломнома ўқилади, аёллар “ҳазор алик” деб жўр бўлишади. Келин-куёв чимилдиққа кирганидан кейин шўх янгалар “Оёқ босар” удумини бажартиришади. Эмишки, келин-куёвдан ким биринчи бўлиб, бирининг оёғини босиб олса, рўзғорда ўшанинг айтгани айтган бўлармиш. Чимилдиқда тик турган келин куёвни ўтиришга рухсат бериш учун келиннинг отаси чақиртирилади. У фарзандларини дуо қилиб, яхши тилаклар билдириб ўтиришга рухсат этади. Шундан кейин яна бир-икки оиланинг яқин кишиси келин-куёвга ўтиришни таклиф қилишади. Бу пайтда кайвони аёллар икки косада ширин сув тайёрлаб, чимилдиққа тортишади. Келин ва куёв ширин турмуш қурайлик, мана шу болдай тотли ҳаёт қилайлик, деган эзгу ниятлар билан бир-бирига косадаги ширин сувни ичиришади. Шундан сўнг келиннинг яқинлари чимилдиққа кўрманасини тортиқ қилишади. Бунда ҳар ким ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб, чиннивор, патнисда қанд-қурс, ёнғоқ, қайнатилган тухумлар сузилади. Кайвони аёл келин-куёвга аталган кўрманани патнисга қўйиб, чимилдиққа киригизаркан, “бу тортиқ фалончихондан”, ёхуд “пистончи қариндошларидан” деб баланд товушда айтиб туради. Келин-куёв қариндошлар ҳадяси солинган патнисга чимилдиқдаги егуликлардан ташлаб, миннатдорчилик сифатида қайтаришади. Сўнг чимилдиққа аталган таомлар тортилади. Булар қайнатилган ва қовурилган чучвара. Таомдан сўнг фотиҳа ўқилиб, меҳмонлар тарқалишади. Чимилдиқ қоқилган, тахмон урилган уйда эса момолар, кўпни кўрган аёллар ўтиради.
Никоҳ базми ҳам келинникида бўлиб, унинг барча сарф-харажатлари куёв томоннинг зиммасида бўлади. Кечқурун куёвжўралар иккита ёки қўшалоқ дарахт шохига (албатта мевали дарахт бўлиши шарт!) машъал ёқиб навбат билан, бўйдоқлар бизга ҳам насиб этсин, деган ниятда кўтариб келинникига йўл олишади. Йўл-йўлакай биров мухаммас ўқийди, бошқалар эса, “ҳой бале!”, “ҳай баракалло” деб унга жўр бўлишади. Келинникига келишгач, дарвозахона яқинига олов ёқилади. Куёв куёвжўралар ҳамроҳлигида олов атрофидан уч маротаба айлантирилади. Бу куёвнинг шу хонадонга, шу остонага кўнгли илисин, деган маънода бажариладиган одат. Хонадон каттасининг фотиҳасидан кейин келин-куёв никоҳ оқшомига чиқарилади. Илгарилари никоҳ тўйи базмлари келиннинг ҳовлисида ўтказилар эди, айни пайтда маҳалла ёки гузар бошидаги тўйхоналарда ўтказилади. Никоҳ базмидан сўнг, келинчакка паранжи, махси-ковуш кийдириб, бошига оқ рўмол ташлаб олиб чиққан кайвонилар отасидан рози-ризолик сўрашади. Келин отасининг оёғига бош уриб, тавоф қилганидан сўнг яқин қариндошлари ҳамроҳлигида куёвникига олиб кетилади.
Фарзона тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 111 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар