1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Сўнгги ўғирлик (танловга)

Миролим билан танишувим жуда қизиқ бўлган. Қандай танишганимизни иккаламиздан бошқа ҳеч ким билмасди. Лекин энди мен ҳамма билишини истайман. Гарчи бу орқали ўзимнинг гуноҳим  очилса-да, уялмайман. Чунки ҳозир ҳаммаси ортда қолди...

* * *

Навбатдаги мўлжалим — Миробод туманидаги «банковский дом»лардан бири эди. Бошқалардан фарқим — мен «ов»га кундузи чиқаман. Қулай томони кўп. Биринчидан, кундуз куни одатда шаҳарликларнинг ҳаммаси ишда бўлади. Айни пешин пайтлари «дом»ларнинг олдида одам тугул пашша ҳам бўлмайди. Кейин аксарият касбдошларим кечаси «ишлагани» учун кундузи одамлар хушёрлигини йўқотади. Шунинг учун ҳамкасбларимга зид равишда кундузи «ишлайман». Ҳали бирор марта ишкал қилганим йўқ. Балки, мана шу воқеани сабаб қилиб, Худо мени омон сақлаб келгандир…
Хуллас, ўша куни ҳамма ҳавас билан боқадиган «дом»га келдим. Қайси уйда ким яшаши, шарт-шароити, фойда-зарари… ҳаммасини ўрганганман. Ўзим кўзлаган уйга яқинлашдим. Эшикни очиш қийин бўлмади. Ташқарида ўрнатилган темир эшикнинг фақат битта «замог»и қулфланган экан. Ичкаридаги нақшинкор тахта эшик очиқ. Ажабланмадим. Чунки кўпчилик ишга шошаётиб эшигининг ҳамма қулфини ёпиб ўтирмайди. Бемалол ичкариладим. Кенг, ҳашаматли каридордан ўтиб, тўғридаги хонага кирдим. Кирдим-у…
Тўғриси, ўғриликка кирган одамни ҳамма нарса кутиши мумкин. Аммо бунақаси... Кўз олдимга беш йил олдин, ўлим тўшагида ётган дадам келди. Хона тўридаги каравотда ранги сап-сариқ, озғин, аммо, қорни дўмбирадай шишиб кетган ёшгина йигит ётарди. У ёнидаги хонтахтага чўзилиб, қорни ҳалақит бериб пиёлани ололмасди. Юрагим орқага тортиб кетди…
Дадам жигар церрози билан оғриб, бир ойда ўлиб қолган. Ўшанда у кишининг ҳам кўриниши шундай эди. Оилада тўнғич фарзанд бўлганим учун ҳамма юк менинг зиммамга тушган, онам шўрлик ўзини йўқотиб қўйганди. Шулар ёдимга тушиб, хаёлим қочдими ёки ўта раҳмдиллигим сабабми, йигитнинг ёнига югуриб бориб, пиёлани қўлига тутқаздим. У юзимга ажабланиб қаради. Шундан сўнг ўзим ҳам тахтадек қотдим. Нима дейман, ахир? Бирор ташкилотдан келдим, десам, эшикни ўзимнинг калитим билан очдим. Эшик очиқ экан, десам, қўлимда резина қўлқоп! Бир лаҳзада ҳамма кўчага кириб чиқдим: «йигитни ўлдириб гуноҳга ботдим,  қўлга тушиб, қамалдим, онам ўғрилигимни билиб, хушини йўқотди…»
Яхшиси, тан оламан, деб тургандим, йигит мени ҳайрон қолдирди:
— Раҳмат, ўтиринг! Роса чанқаб кетдим… — у шундай дея пиёладаги сувни оғзига олиб, ёнидаги идишга қайтариб туфлади.
— Сув ичиш мумкинмасми? — ўзим билмаган ҳолда савол бердим.
— Рўзадорман… Чанқоққа чидолмай, оғзимни чайдим. Оғзим қуриб кетяпти..
Баттар ҳайратга тушдим. Мен гумроҳ Рамазон ойи кириб келганини ҳам унутиб юборган эканман.
— Шу ҳолингда рўза тутишга бало борми? — тилимдан беихтиёр шу сўз учди.
— Шифо топарман, деган умидда тутаяпман. Уйдагилар қарши… Аммо мен оёқ тираб туриб олдим. Дори-уколларни ҳам кечқурун, ифтордан кейин оляпман. Еётганларим ҳам танани ювадиган, тозалайдиган, бақувват қиладиган ўт-ўлан-у, мева-сабзавотлар…
— Касалинг нима билмайман-у, аммо шу ҳолингда тез ҳазм бўладиган овқат ейишинг керак, — негадир уни «сен»лаб гапирардим. — Менимча, оч ётиш сенга мумкин эмас…
— Дўхтирмисиз, десам… — унинг овоз оҳангида «ўғрилигингиз маълум-у, буни қаердан биласиз», деган маъно зоҳир эди.
— Кўрмаяпсанми? — қўлларимдаги резина қўлқопга ишора қилдим. — Хирургман. Бир «операция»ни амалга оширгани келгандим…
— Ҳа-а-а, мен ҳалақит бердим, тўғрими? «Операция»нгизни давом эттираверинг, индамайман. Сизни кўрганим йўқ. Ухлаётганимда кириб-чиққансиз, — у энди жиддий гапираётганди.
— Қўйсанг-чи! Ҳаммасини расво қилдинг-ку! — дедим кулиб. Кейин пиёлага ишора қилдим. — Яхшиси, сувдан ич! Ўзингни қийнаб нима қиласан? Жонинг шундоқ ҳам азобда-ку!
— Ҳеч қаерим оғриётгани йўқ…
— Жигарингми?
— Билмайман! Менга айтишмаяпти. Уч кун бўлди, уйга жавоб бериб юборишди. Менимча, ота-онамга умид йўқ, дейишган, — унинг кўзларига ёш тўлди. — Аммо мен енгилмоқчи эмасман! Яшагим келяпти… Ўша куни келибоқ интернет титкиладим. Қизиқ маълумотлар топдим. Америкалик Пол Брегг ўзининг эллик йиллик шахсий таржибасидан келиб чиқиб,  "Мўъжизакор очлик" деб аталган китоб ёзибди. Унда ёзилишича, инсон соғ-саломат бўлай деса очлик билан ўзини даволаши мумкин экан. Яна Пайғамбаримиз ҳам "Рўза тутинглар саломат бўласизлар", деган эканлар. Ажабланарлиси, мутахассисларнинг айтишича, киши соғ-саломат юриши учун йилига 28-32 кун ихтиёрий оч қолиши лозим.
— Ука, буларни касал бўлмасдан олдин қилиш керакдир-да! — дедим ачиниб.
— Йўқ. Ибн Сино ҳам касалларни очлик йўли билан даволаган. Яна Сурия бош муфтийси Шайх Аҳмад Куфтару ҳам очлик билан даволаб донг таратган. Машҳур боксёр Муҳаммад Али ҳам шу кишининг қўлида шифо топибди. У ўзини даволатиш учун 30 миллион доллар сарфлаган, аммо бирор натижага эришмаган. Йигирма кунлик очликдан сўнг шифо топибди. Шунинг учун мен ҳам кечадан буён рўза тутяпман.
— Менинг дадамнинг ҳам қорни шундай шишиб кетганди.
— Давомини айтмай қўя қолинг. Яхшиси, менга ёрдамлашинг, ваннага киришим керак.
Уни суяб, зўрға турғаздим. Ваннага етгунча толиқиб, тик турганча менга осилиб қолди. Оғирлигидан ерга кириб кетсам керак, деб ўйладим. Назаримда, қорнида қат-қат тош йиғилгандек…
— Бу азобга чидагандан кўра, ўлиб қўя қолган яхши… — деди у ҳарс-ҳарс нафас оларкан. — Лекин одамзотнинг ўлгиси келмас экан-да! Менинг ҳам ўлгим келмаяпти. Ахир эндигина йигирмага кирдим. Ҳали бирорта қизнинг қўлини ҳам ушлаганим йўқ. Дардинг қиз бўлмай ўл, денг! Ҳазил-да.
Унга раҳмим келиб кетди. Даст кўтариб, ваннага олиб кирдим. Пешанасидаги қатра-қатра тер қоши бўйлаб кўзига туша бошлаганди. Ўша ердаги сочиқни олиб артдим.
— Раҳмат! Сувни «нормальний» қилиб очиб беринг. Кетиб қолманг. Шу ерда туринг…
— Шу ҳолингда чўмилмоқчимисан? Мен сени чўмилтиришга келганим йўқ! — ўзимча кўнглини кўтармоқчи бўлиб ҳазил қилдим.
— “Зато”, сизни менга Худо юборган. Пешин намозини ўқишни ният қилиб ўтиргандим. Бирор кимнинг ёрдамисиз ўқий олмайман. Шундай экан, қолишга мажбурсиз…
— Жа-а-а, қизиқ экансан-ку! Зўрға юрибсан-у, намоз ўқиганингга ўлайми?
— Э-э-э, ака… Менинг ўрнимда бўлганингизда, ўлимингиз нақд бўлганда қай ҳолга тушардингиз? Одамзотга умид деган бир туйғу берилганки, жонингиз бўғзингизда турса ҳам сизни тарк этмайди. Тузалиб кетарман, деб умид қиласиз. Кўп эмас, уч-тўрт йил умр кўрай,  уйланай, бола-чақа кўрай...
Гапларидан ларзага тушдим. Таҳорат олишида ёрдамлашиб, яна каравотига олиб келдим.
— Жойнамозимиз қаердалигини ҳам билмайман. Ўзи намозни ҳам шифохонада бир чол ўргатди. Савобга қолди, лекин… Шу пайтгача қунт қилмадим. Бугун негадир ўқисамми, деб ўтиргандим. Мана бу уйга киринг, шкафда чойшаблар бор. Бирортасини олиб чиқсангиз, жойнамоз қиламиз…
Мен сўзсиз унга итоат этаётгандим. Индамай у кўрсатган хонага йўналдим. У ортимдан бақирди:
— Атрофга яхшилаб қаранг, балки сиз «операция» қилишга арзигулик нарса чиқиб қолар. Мен намоз ўқиётганимда бекор ўтирмайсиз…
— Бугунги «операция»ям сен экансан, — дедим мен ҳам бўш келмай.
— Биринчи намоз ўқишим. Адашсам, кулманг яна…  — деди у чойшабни ерга тўшаётганимда. — Ҳаракатларини яхши биламан. Сиз ёнимда туринг, руку, сажда қилаётганимда ёрдамлашасиз…
Уни тирсагидан ушлаб энди турғазаётгандим, эшик очилиб, ўрта ёшли чиройли аёл кириб келди. Шошиб қолдим. Ерга қараб салом бердим. Аёл алик олгач, ўғлига юзланди:
— Доринг бу ўртадаги «аптека»ларда йўқ экан. Излаб-излаб икки бекат нарига кетиб қолибман, — аёл шундай дея қўлидаги калитга ишора қилди. — Эшик очиқ қолган эканми?
Юрагим шув этди. Яхшиям, боя қўлқопимни ечиб қўйган эканман.
— Ўртоғимнинг келишини сезган экансиз-да, ойи. Сиз кетдингиз, у келди, — у бор оғирлигини менга ташлаб, онасига қаради. — Касаллигимни эшитиб келибди.
— Вой, ўзим айланай сиздан. Илгари кўрмаган эканман-да, танимадим. Ўғлимни сийлаб келибсиз, раҳмат! Исмингиз нима, ўғлим?
Нима дейишни билмай қолдим. У ўрнимга жавоб берди:
— Исми — ўғри!
Даҳшатга тушдим. Юрагим дукиллаб ура бошлади.
“Аблаҳ! Касал бўлса ҳам пишиқ экан. Ярамас! Ана, энди қўлга тушдим. Игна олмай туриб, қамаламан! Калласининг ишлаганини қаранг! Менинг раҳмимни келтириб, онаси келгунча ушлаб турди-я, айёр! Боя ўзи оладиганимни олиб, кетишим керак эди…”
Шу ўйда уни итара солиб қочмоқчи бўлдим. Аммо…
— Ҳазиллашдим, ойи… Лақаби — Ўғри! Исмингизни айтинг, ойим сиз билан танишмоқчи, — мени туртди.

* * *

Ўша куни уларникида кечгача қолиб кетдим. Миролим оилада катта фарзанд экан. Тижорат билан шуғулланиб, касалини ўтказиб юборибди. Отасининг ёрдами билан бешта дўконни юрғизаётган экан.
— Вақтингиз бўлса эртага ҳам келинг. Ойимнинг зарур иши бор. Иккаламиз ўтирибмиз-да! — деди у кетаётганимда.
Қайтиб қадамимни ҳам босмоқчи эмасдим. Лекин унинг илтижоли нигоҳи кўз олдимдан кетмади. Онаси менга ишониб кетган бўлса, қийналиб ётгандир? Шуни ўйлаб, яна уйига бордим. Тўғрироғи, Рамазон ойи ўтгунча бориб турдим. Чунки мени бу ерга ҳайрат ва қизиқиш бошлаб келарди. У кўз ўнгимда соғайиб борарди. Рост! Рўза охирида унинг қорнидаги шиш анча қайтди. Ўзи туриб-ўтирадиган бўлди… Хурсандчилигидан ўзини қўярга жой тополмасди.
— Қара-я, қизларнинг қўлини ушлайдиган бўлдинг, — дедим ҳазиллашиб.
— Худога шукр! — деди у қувончини яширолмай. — Нега «операция» билан шуғулланишингизни, қандай қилиб бу йўлга кириб қолганингизни суриштирмайман. Буни иккаламиз ҳам унутамиз. Ётиб қолишимдан олдин битта дўконимизни «ремонт» қилишга топширгандим. Ўшани сизга бераман. Бирга ишлаймиз. Нима дедингиз?
Мен жон-жон деб рози бўлдим…

Наргиза УСАНБОЕВА