Аммо ифторликларимизга ва саҳарликларимизга бир назар солинг: нафсни жиловлашни эмас, унинг бошвоғини тўла қўйиб юборишни, қаноат ва ҳоксорликни эмас, исрофгарчилик, сабрсизлик ва фахрни кўрасиз. Аждодлар ифторлик ва саҳарликда кўпинча бир бурда нон, бир ҳовуч хурмо ва бир-икки пиёла сув билан қаноатлангани ҳолда уларнинг авлодлари бугун маишатбозликда, кўп ва хўб истеъмол қилишда, етти-саккиз хил таом ейишда бир-бирлари билан мусобақага киришган. Илгари мен Рамазонда фалон кило озибман, деб қувониб юрганларнинг фарзандлари рўзадан қорин қўйиб, савлатдор бўлиб чиқишяпти.
Ифторлик, саҳарлик дастурхонларимизни кўрган одам рўза тутганимизга мутлақо ишонмайди. Кўпинча ифторликка бир-биридан мазали тўрт-беш хил иссиқ таом, турфа салатлар, бир неча хил пишириқлар, қанд-қурс, писта-бодом, анвойи мева-чевалар (ҳатто банан, ананас, пўртахол, киви каби хориждан келтирилганлари ҳам бор) тортилаётгани ҳам сир эмас. Таклиф қилган одамларимиз кўплигидан ифторликларимиз уй-хонадонга сиғмай, ресторан ва тўйхоналарга кўчмоқда. Кун бўйи оч-наҳор юрган одамнинг кечга бориб бирданига шунча нарсани қоринга жойлаши қанчалар зарар келтириши ҳақида бир ўйлаб кўринг. Кундузи емаганларимизнинг, ичмаганларимизнинг ҳиссасини кечга бориб бир неча баробар қилиб чиқариб юбориш рўза тутишнинг ҳикмати ва моҳиятига мос келармикин? Ахир, нафсни жиловлаш, уни тарбиялаш фақат оғиз берклигида эмас, оғиз очар пайтию саҳарликда ҳам давом этиши керак-ку!
Шундай улуғ-фазилатли ойда айрим мусулмонларнинг (ҳа, айнан мусулмонларнинг!) бемалол ароқ ичиб юришганига, майхўрликларини тўхтатмаганига нима дейсиз? Туғилган кун, гап ейиш ва бошқа маросимларни “ифторлик” номи билан ўтказилаётганига, уларда ифторлик дастурхонига “шайтон суви” ҳам тортилаётганига ҳам нима дейсиз? Имомлардан бирининг ҳикоясига қараганда, пойтахтдаги бир хонадонда фарзандларининг туғилган куни муносабати билан уюштирилган зиёфатга “ифторлик” номи билан одамларни таклиф этишибди. Маҳаллани алоҳида, улфат ва ҳамкасбларни алоҳида дастурхонга ўтқазишибди. Кейингиларига чойнакларда ароқ тортилибди. Покиза ифтор дастурхонида ҳаром ароқнинг айланишини нима деб номлашга сўз ҳам тополмадик.
Беҳзод АБДУРРАШИД