Худди шу ўринда қизиқ бир савол туғилади: диний байрам муносабати билан молларининг баҳосини ўн фоиздан тўқсон фоизгача пасайтирган ғарблик тожирлар қандай қилиб йилни катта фойда билан якунлаганлари ҳолда уларга ибрат бўлиши керак бўлган мусулмонлар негадир Аллоҳнинг баракаси ҳақида унча бош қотирмай қўйишди. Бу кўнгилсиз ҳолат айниқса мусулмонлар учун ниҳоятда қадрли ва шарафли бўлган Рамазон ойи кириб келиши билан яққол кўзга ташланиб қолади.
Рамазон ойининг баракасидан манфаат олишлари керак бўлган тожирларимиз айнан шу ойда молларининг нархини бошқа ойлардагидан бир неча фоизга кўпайтириб юборишади. Нондан тортиб ширинликкача, мева-чевадан тортиб сабзавотгача, гўшт-сут маҳсулотларию ҳатто айрим хизматларгача – ҳамма нарсанинг нархи бирданига осмонга “сапчиб” кетади. Бутун дунёда, ҳатто Исломдан йироқ насроний ўлкаларда диний байрам ва саналар муносабати билан ҳамма нарса арзонлашгани ҳолда мусулмон юртларда бунинг акси бўлиши ҳеч қандай соғлом ақлга тўғри келмайди. Бунинг устига рўзадорларга қимматроққа пуллайман, деган ниятда Рамазон олдидан озиқ-овқат маҳсулотларини шошилинч суратда йиғиб-ғамлашга тушадиган савдогарларимизнинг борлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.
“Инсоф сари барака” дейди доно халқимиз. Барака ойининг, хайр-саховат ойининг, меҳр-шафқат ойининг фазлини англамай, бу ойда каттароқ фойда олиш, рўзадорларнинг пулини кўпроқ шилиш, энг ачинарлиси, бу ойда ҳам алдов, ҳийла, хиёнат каби қусурларидан воз кеча олмаётган айрим ноинсоф тожирларимиз кўзни каттароқ очиб, ғарбликлар тажрибаси ҳақида бироз мулоҳаза қилиб кўришса, ёмон бўлмас эди.
Беҳзод АБДУРРАШИД